Mirzo Ulug‘bek nomidagi O‘zbekiston Milliy universiteti: “MANGU JARANGLAYVER FAXRIM, MADHIYAM”

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир”. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги 1992 йил 10 декабрь санасида қабул қилинган Қонуннинг 2-моддасида мухрланган ушбу жумлалар, барча ўзбек халқининг ифтихори ва ғуруридир.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 2020 йил 10 декабрь санаси профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар томонидан байрамона кўтаринки рухда нишонланди. Ўзбекистон халқ шоири, атоқли адиб Абдулла Орипов сўзига беназир композитор, Ўзбекистон халқ артисти Мутаваккил Бурхонов басталаган Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси буюк қалб ардоғидан яралган бетакрор оҳанглар мана чорак асрдан кўпроқ вақт ўтибдики, қанчалар қалбларга илҳом бағишлаб, юртимиз довруғини етти иқлимга мардонавор таратиб келмоқда.
“Бағрикенг Ўзбекнинг ўчмас иймони
Эркин ёш авлодлар сенга зўр қанот…”
Давлатимиз байроғи юксакларга кўтарилганида, мамлакатимиз шону-шафкати рамзи, меҳнатсевар халқимизнинг орзу умидлари тимсоли бўлиб янграётган бу сўзлар бугун кечагидан кўра теранроқ аҳамият касб этаётгандек, назаримда.
Икки хассос ижодкор: Мутал Бурхонов ва Абдулла Ориповлар аввало шу юрт фарзандлари эди. Уларнинг қалб ардоғидан яралган кўнгил мулки не бахтки, худди ўзлари орзу қилганидек, бугунги ёшлар қалбига кўчиб уларни янги даврнинг янги манзиллари томон етакламоқда. Хор оркестри ижросида Мадҳия садолари янграганида беихтиёр унга жўр бўлган инсон борки, бу туйғуларни юракларидан ўтказади. Минглаб ёшлар билан биргаликда куйлаймиз. Қўлимизни кўксимизга қўйиб, энг яхши тилакларимизни қалбимизга жойлаб биргаликда қўшиқ айтамиз. Зеро, орзу ўйлари, келажак йўллари бир бўлган халқнинг олий мақсадлари ҳам бир хилдир. Мадҳиямиз бизга ҳамиша шу ойдин йўлларни эслатиб, ватанимиз ёрқин истиқболи йўлида биргалашиб, қўлни қўлга бериб унга мададкор қанот бўлишга ундайди.
Жорий йилнинг 10 декабрь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Мангу жаранглайвер фахрим, мадҳиям!” мавзусидаги маънавий-марифий тадбир ташкил этилди. Тадбирни Ўзбекистон Миллий университети Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Камолиддин Мирзаахмедов кириш сўзи билан очиб берди ҳамда барча меҳмонларга самимий табрик йўллади. К.Мирзаахмедов ўз нутқида жамиятимизда фуқароларнинг айниқса ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш борасидаги тизимли ишлар самарадорлиги йилдан-йилга ошиб бораётганлиги ва бу борадаги кўникмаларни талаба-ёшларнинг ҳам ҳаёт тарзига чуқур сингдириш муҳим эканлигини таъкидлади.
Шунингдек тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари Мавлуда Қосимова ва Муқаддас Тиркашевалар ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар 10 декабрь ҳалқимиз учун мустақил тараққиёт йўлини белгилаб, миллий давлатчилик, янги сиёсий-ижтимоий тизим барпо этиш, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг ҳуқуқий пойдеворини яратиб берган муҳим саналардан бири эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилиб, университет иқтидорли талаба-ёшлари томонидан тайёрланган шеърий чиқишлар ҳамда Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар тараннум этилди.
Дарҳақиқат, тадбирда қайд этилганидек, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар, айниқса, ёш авлодни уларга ҳурмат руҳида тарбиялаш инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди, ҳаётимизнинг эркин ва обод, турмушимизнинг янада фаровон бўлишига хизмат қилади. Тадбир сўнгида иқтидорли талба-ёшларимиз университетда амалга оширилаётган маънавий-маърифий жараёнларнинг самарадорлигини оширишдаги фаол ва ижодий иштироклари учун муносиб тақдирландилар.

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan