Ҳар кунинг Наврўз ўлсун!

Юртимиз тинч ва осуда. Бундай элга гўзал айёмлар, тўй-тантаналар, байрамлар ярашади. Бу юртда ҳар бир инсоннинг қалби шукроналик ҳисси билан тўлиб тошганини ва ҳаётдан рози бўлиб яшаётганини ҳамда қайси соҳани олиб қарасангиз, ривожланиш ва юксак натижалар қайд этилаётганини кўриш кўнглимни янада равшанлаштиради. Ва беихтиёр дилимдан бундай элга фақат ва фақат байрамлар ярашади деган ўй ўтади. Энг севимли байрамларимиз, уларнинг нишонланиши билан боғлиқ ёдда қолган гўзал лаҳзалар бир он бўлса-да, кўз ўнгимда намоён бўлади гўё.

Халқимиз тарихида байрамлар жуда кўп. Уларнинг ҳар бирининг ўз тарихи ва кечмиши бор. Наврўзнинг кириб келиши билан боғлиқ ҳолатга ўзбек халқининг буюк алломаларидан бири Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадимий  халқлардан қолган ёдгорликлар“ китобида Қуёш йили ҳисобида   йилнинг биринчи ойи  деб  саналган Фарвардин ойи тўғрисида  сўзлаб шундай дейди: «Бу ойнинг биринчи куни Наврўздир, – дейди.- Наврўз йилнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони англатаркан. Наврўз эронликлар „зиж“лари  бўйича ўтмиш замонларда, улар йилларини кабисали қилган  вақтларида  Қуёшнинг Саратон буржига кириш пайтига  тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорга келадиган бўлди.  Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор  ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан, гуллар очилган, дарахтлар гуллашидан  мевалари етилгунча, ўсимлик униб чиқа бошлашдан такомиллашгунча давом этган вақтда келади. Шунинг учун  Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган» дея изоҳлайди.

Оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган ушбу гўзал айёмда халқимизнинг энг гўзал одатлари борлиги ҳам кишини беихтиёр ҳаяжонга солади. Бу қиёси йўқ гўзалликни таърифлашга  СЎЗ ожизлик қилади. Бутун олам гўё яшарган, янгиланган,  тириклик рамзи ҳисобланган яшиллик билан қопланган. Атроф ниҳоятда ажиб бир гўзал манзара ҳосил қилган.

Гўзалликнинг сабабчилари бўлган алпкелбат йигитларнинг салобати, Ойбарчинсифат қизларнинг кўркамлиги, гўзаллиги, ибо ва ҳаёси, шарқона назокати, Наврўзнинг севимли таомлари сумалак, ҳалимнинг дошқозонларда қайнаши, шўх қизлар тилидан ўлану лапарларнинг янграши, мард йигитларнинг даврани кенгроқ олиб бешқарсак рақсини моҳирона ижро этишлари, халқимизнинг миллий ўйинлари (арқон тортиш, чиллак, белбоғли кураш, тош кўтариш, кўпкари ва бошқа мусобақалар) умидли ёшларимиз томонидан кўрсатилиши, халқ оғзаки ижоди намуналар (достонлар, термалар)ининг бахшиларимиз томонидан куйланиши  барча барчаси  бетимсол гўзаллик кашф этгандай эди гўё. Ҳаттоки, халқимизнинг ана шу муқаддас байрамида аразлашганлар ярашишган, урушлар тўхтатилган. Дилисиёҳ бўлиб юрганлар бир-бирини кечиришган. Ёши улуғ кексаларимизнинг ҳолидан хабар олиниб, уларнинг барча ишларига ёрдамлашилган. Наврўз келиши билан далаларда баҳорги экин-тикин ишлари ҳам бошланиб кетган. Деҳқонлар ерга қўш солишган. Ҳаттоки, улар жамоа бўлиб, ҳашарлар уюштиришган. Ўтган аждодлар руҳи ёд қилинган.  Шу билан биргаликда, улар оммавий равишда мевали ва манзарали дарахтлар ўтказишган. Наврўз-янги йил, янги ҳаётдир. Қадимда Наврўз байрами муносабати билан махсус кийимлар тикишган ва уларни кийиб байрам қилишган. Шу ўринда бир лаҳза ортга назар ташлайдиган бўлсак, шундай вақтлар бўлдики, мана шу гўзал айёмни нишонлашга рухсат этилмади. Миллий урф-одатларимиз, асл қадриятларимиз рамзи ҳисобланган ушбу байрамга нисбатан беписандларча муносабатда бўлинди.  Минг шукурки, истиқлол туҳфа этган гўзал ҳаёт асносида биз мана шундай айёмларимизни ҳеч қандай таъқиқларсиз, умумхалқ байрами сифатида нишонлайдиган бўлдик. Шу ўринда муҳтарам Юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари кўнгил бўстонимда жилва қилаверади: «…Халқимиз миллий юксалиш ва миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган ҳозирги вақтда барча эзгу қадрият ва анъаналаримиз қатори Наврўз байрамининг ҳам ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.”  Бу борада юрт отаси минг марта ҳақ эди десак, муболаға қилмаган бўламиз. Ушбу гўзал ва бетакрор байрамимизга халқаро даражада ҳам эътибор қаратилган. 2009-йил  30-сентябрда Наврўз ЮНЕСКО тарафидан номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган, 2010-йил 23-февралда эса БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида  21-март  “Халқаро Наврўз куни“ деб эълон қилинган.

Қадрли замондошим! Жорий йил 21 мартда ушбу гўзал айём нишонланадиган куни халқимиз Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини нишонласа, қўшни Қозоғистон заминида Наврўз айёми 22 март куни нишонланиши манбаларда қайд қилинган бўлса, ўша кун яна бир тантана бутун жаҳон аҳлини ҳайратга солган юлдузшунослик илмининг асосчиси Мирзо Улуғбек таваллудининг 627 йиллиги менинг дунёларга тенг гўзал ва дилбар Ватаним Ўзбекистон заминида улуғ аллома бобокалонимиз таваллуд топган сана сифатида унинг шахсига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади.

Ҳа, қадрли замондош, ЎЗБЕКИСТОН ана шундай буюк алломаларга бешик бўлган мўътабар ва муқаддас маскан. Унинг байрамлари ҳам гўзал. Шу ўринда сўз мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги сўзларини СИЗ томон йўллагим келди: «Ҳар тунинг қадр ўлубон, Ҳар кунинг ўлсин Наврўз!». Қадрли юртдошим, азиз ҳамкасбларим! Шукуҳли ва қувончларга тўла шодлик куйи янграётган онларда СИЗГА «..Мана шу муборак заминда ўтаётган ҳар онингиз ва сониянгизда бир-бирингизни қадрланг! Ҳар бир кунингиз Наврўз бўлсин! Кириб келаётган гўзал айёмингиз муборак бўлсин! Айём барча юртдошларимизга фақат ва фақат қувонч ҳамда бахт олиб келсин!» дегим келаверди.

Мирзоҳид Ботиров
Андижон давлат тиббиёт институти
Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan