Qoraqalpoq yoshlari tashabbusi: «Toza shahar» loyihasida Qoraqalpoq davlat universiteti talaba-yoshlar faol qatnashdi

Халқмизнинг, асосан ёшларнинг экологик маданиятини ошириш,  атроф-муҳитга нисбатан эътиборни янада кучайтириш, она табиатни келажак авлодлар учун асраб-авайлаш ҳамда экологик оламга етказиладиган ножўя таъсирларнинг олдини олиш мақсадида. “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида «Тоза шаҳар»  Қорақалпоқ ёшлари ташаббуси лойиҳаси Ёшлар ишлари агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши хамда Нукус шаҳри ҳокимлиги билан ҳамкорликда жорий йилнинг 17 апрель куни Нукус шаҳрида оммавий ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўз ичига олувчи тадбир  ўтказилмоқда.

Ушбу ободонлаштириш акциясида Қорақалпоқ давлат университети талаба-ёшлар фаол қатнашиб,  мазкур тадбир давомида Нукус шаҳрида жойлашган “Алмазар” МФЙ, «Ели абат”, «Ғәрезсизлик», «Қурылысшы», «Өрнек», «Гулзар», «Қоскөл», «Нур», «Бағшылық», «Ватанпарвар», «Гузар»,  маҳаллалари худудларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш  ишларини амалга оширмоқда. Университет раҳбарияти хам шаҳримиз тозалигига ўз ҳиссасини қўшаётган меҳнаткаш талабаларга ҳормасин айтиб, уларнинг мазкур лойиҳада фаол иштирок этишаётганлигидан мамнун эканлигини билдирди. Бу эса ўз ўрнида талаба-ёшларнинг кайфиятини янада кўтарди. Таъкидлаш жоизки, университетимиз талабалари «Тоза шаҳар» ёшлар ташаббуси лойиҳасида фаол иштирок этиш учун астойидил ҳаракат қилишмоқда.  Талаба-ёшлар бу борада тарғибот ишларини ҳам олиб боришди.

Шунингдек, университетимиз фаол талаба ёшлари  «Ели абат», «Қурылысшы» ҳамда «Бағшылық» маҳаллаларида яшовчи ногиронлиги бор, ёлғиз ва боқувчисини йўқотган ёлғиз бошли қариялардан Рўзаи-рамазон ойи муносабати билан хабар олиб, бирламчи озиқ-овқатлар етказиб беришди ҳамда айни экиш мавсумида уларга тегишли томорқаларга ишлов бериб, мева дарахтларини экишди, қаровсиз қолган уйларини оқлаб, ободонлаштириш ишларини амалга оширишди.

Озгина бўлса ҳам эътибор ва кўмакдан бошлари осмонга етган ёлғиз бошли қариялар, боқувчисини йўқотган ногирон онахонлар рамазон ойида амалга оширилаётган бу каби савобли ишлардан хурсанд бўлиб, дуога қўл очишди ва юртимизга тинчлик-ҳотиржамлик тилади. Ёшларнинг ушбу ташаббуси қутлуғ Рамазон ойида қилинадиган савобли амаллардандир.

Уларнинг атроф-муҳит тозалигига эътибор билан қараётганлари қувонарли ҳол. «Тоза шаҳар» ташаббуси янада кенгайиб, фаол давом этишига тилакдошмиз.






Рахимбаев Отабек, ҚҚДУ  География ва табиий ресурслар факультети талабаси

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan