«Ижодий тадбиркорликни шакллантиришнинг педагогик омиллари» халқаро вебинари бўлиб ўтади.

 «Ижодий тадбиркорликни шакллантиришнинг педагогик омиллари» халқаро вебинари бўлиб ўтади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ижодий тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. 2018 йилда Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмаги билан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Лондон Голдсмитс Университети ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ушбу ҳамкорлик доирасида институтнинг “Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ва бошқариш” кефедраси масъул профессор-ўқитувчилари томонидан “Kреатив Спарк: Олий таълимда тадбиркорликка ўқитиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда иқтисодиёт ва таълим соҳасидаги амалга оширилган кенг кўламли миллий ислоҳотларга жавобан, креатив секторни қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлик билимига бўлган эҳтиёжни қондириш,  шунингдек, одамларнинг фаровонлиги ва иш ўринларини яратиш учун тадқиқ қилинган. 2021 йилда ҳам дастур доирасида режалаштирилган бир қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, 2021 йилнинг 7 май куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Лондон Голдсмитс Университети ва Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда «Ижодий тадбиркорликни шакллантиришнинг педагогик омиллари» мавзусида илмий-амалий онлайн вебинар бўлиб ўтди.

Вебинарнинг асосий мақсади – Бугунги кунда мамлакатимизда ижодий тадбиркорликни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида қараб келинмоқда. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти,  институтнинг Нукус ҳамда Фарғона минтақавий филиаллари профессор-ўқитувчиларига бўлажак тадбиркорларни (савдогарлар, реклама бизнеси бўйича мутахассислар, сотувчилар ва бошқаларни) ўқитиш бўйича услубий ва технологик жиҳатдан илмий ва амалий тавсиялар беришдан иборат. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги ПФ-6207-сонли «Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Фармонида белгиланган қуйидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди:

– капитал бозорини замонавий талабларга жавоб берадиган кадрлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, истиқболли, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун жозибадор шарт-шароитларни яратиш;

– капитал бозори учун соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни тизимли йўлга қўйиш;

– миноритар инвесторлар, капитал бозорининг бошқа иштирокчилари ҳамда аҳоли кенг қатламларининг билимлари, кўникмалари ва молиявий саводхонлигини оширишни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида 2023 йил якунига қадар 40 минг нафар аҳолини қамраб олиш.

Илмий-амалий онлайн вебинарни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, филология фанлари доктори, профессор И.Юлдашев кириш сўзи билан очиб берди. И.Юлдашев Ўзбекистонда креатив тадбиркорлик билан шуғулланиш бугунги куннинг долзарб масаласи эканлиги, маданият ва санъат соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бу соҳадаги билимларни оширишга қаратилган бир қатор таклифларни илгари сурди.

Илмий-амалий вебинарда Маданият вазирлиги масъул раҳбар ходимлари, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Лондондаги Голдсмитс Университети ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда институтнинг Нукус ва Фарғона минтақавий филиаллари профессор-ўқитувчилари, ёш олимлари, магистр ва талабалари иштирок этдилар. Шу билан бирга “Креатив тадбиркорлик асослари” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Таълим муассаларида креатив тадбиркорликни талабаларда шакллантириш бўйича билдирилган илмий тавсиялар ва амалий таклифларни амалиётга жорий этиш юзасидан тегишли вазифалари белгилаб олинди.

Илмий-амалий вебинар давомида иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan